Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 30 ноябрь куни Москва—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган VanHool русумли автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради. Автобусда жами 54 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган ва ҳалок бўлганлар ҳам йўқ.
Фавқулодда вазиятлар хизмати ҳамда полиция ходимлари йўловчиларни тезкор эвакуация қилиб, Ақтўбе вилояти Айтекеби тумани Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга вақтинча жойлаштирди. Фуқароларга озиқ-овқат ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Уларни Ўзбекистонга қайтариш учун бошқа автобус ташкил этилмоқда.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Бош консуллиги вазиятни тўлиқ назоратга олганини маълум қилди. Дипломатлар Қозоғистоннинг масъул идоралари билан доимий алоқа қилиб, фуқароларнинг хавфсиз қайтиши бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан чет элга вақтинча меҳнат фаолияти учун кетаётган фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳа хавф-хатарларни камайтириш ва фуқароларни қўшимча ҳимоя қилишга қаратилган.


