Қозоғистонда фуқароларнинг фолбинлар, экстрасенслар ва астрологларга бўлган қизиқиши рекорд даражада ошди. Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳузуридаги Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда ушбу хизматлар учун деярли 3 миллиард тенге (тахминан 5,7 миллион АҚШ доллари) сарфланган. Бу эса 2023 йилдагидан 75 баробар кўп дегани.
Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткичлар:
Олмаота шаҳри – 1,3 миллиард тенге (қарийб 45 фоиз улуш)
Астана – 610 миллион тенге
Қарағанда вилояти – 210 миллион тенге
Шунингдек, бошқа вилоятларда ҳам фолбинлик, гороскоп тузиш, “негатив энергияни тозалаш”, “тақдирни ўзгартириш” каби хизматларга талаб ошгани қайд этилган.
2023 йилда бу соҳада атиги 40 миллион тенге атрофида хизмат кўрсатилгани ҳисобга олинса, 2024 йилдаги ўсиш ижтимоий ва психологик омиллар билан боғланмоқда.
Экспертлар фикрича, пандемиядан кейинги руҳий босим, иқтисодий ноаниқлик, иш ва оила муаммолари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда “руҳоний хизматлар”нинг фаол реклама қилиниши бу ҳолатга туртки бўлган.
Қозоғистон ҳуқуқшунослари эса бу соҳани тартибга солиш зарурлигини таъкидламоқда. Айни пайтда фолбинлар фаолияти лицензияланмаган, назоратсиз бозор ҳисобланади.


