Қозоғистонда кучли қор бўрони ва ноқулай об-ҳаво шароитида йўлда қолиб кетган уч нафар Ўзбекистон фуқароси қутқарувчилар томонидан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса Қарағанда вилоятида республика аҳамиятидаги “Астана – Қарағанда (айланма йўл орқали) – Олмаота” автомобиль йўлининг 948-километрида содир бўлган. Енгил автомобиль йўлдан чиқиб, қор уюмига тушиб қолган. Машина салонида уч нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган.
Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар уларни автомобилдан эвакуация қилиб, яқин атрофдаги иситиш пунктига олиб борган. Шунингдек, махсус техника ёрдамида қор остида қолган автомобиль тортиб чиқарилиб, йўлнинг тозаланган қисмига олиб чиқилган.
Қозоғистон ФВВ маълумотига кўра, сўнгги бир сутка давомида кучли бўрон, музлама, кучли шамол ва кўринишнинг ёмонлашуви сабабли жами 87 киши, жумладан 6 нафар бола қутқарилган. Бундан ташқари, қор уюмида қолиб кетган 10 та автомобиль ҳам чиқариб олинган.
Қутқарувчилар оғир об-ҳаво шароитида фуқароларни эҳтиёт чораларига риоя қилишга, огоҳлантиришларни кузатиб боришга ва ноқулай об-ҳаво вақтида узоқ сафарлардан тийилишга чақирди.


