Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида жойлашган Темир шаҳрининг ҳокими Эркин Далмагамбетов вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни вилоят полиция бошқармаси расман тасдиқлаган.
Расмий баёнотга кўра, ҳодиса юзасидан судгача бўлган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар воқеанинг барча ҳолатларини ўрганаётганини маълум қилди, бироқ тергов манфаатларини кўзлаб қўшимча тафсилотлар очиқланмади.
Марҳумнинг жасади 20 декабрь куни кечки пайт ўз уйидан топилган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тергов якунига қадар ҳодиса бўйича бошқа маълумотлар эълон қилинмайди.
46 ёшли Эркин Далмагамбетов 2024 йил 3 июндан буён Темир шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган. У олти фарзанднинг отаси бўлган. Сўнгги йилларда Қозоғистонда айрим юқори лавозимли мансабдорлар билан боғлиқ шунга ўхшаш ҳолатлар жамоатчилик эътиборини тортиб келмоқда.


