Қозоғистон вакили Елена Рибакина теннис оламидаги энг нуфузли мусобақалардан бири — “Australian Open”нинг 2026 йилги ғолибасига айланди. Мелбурндаги Род Лейвер аренасида бўлиб ўтган финал баҳсида у дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Арина Соболенкони уч сетлик кескин беллашувда 6:4, 4:6, 6:4 ҳисобида таслим этди. Бу ҳақда Financial Express хабар қилди.
Ҳал қилувчи учрашув юқори савияда ва муросасиз кечди. Рибакина биринчи сетда устунликни қўлга киритган бўлса, Соболенко иккинчи сетда жавоб қайтарди. Аммо сўнгги сетда қозоғистонлик теннисчи совуққонлик ва аниқлик намойиш этиб, чемпионлик тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди.
Бу ғалаба Рибакина учун “Катта дубулға” мусобақаларидаги иккинчи титул бўлди. У аввал ҳам йирик турнирларда ғалаба қозонган бўлса-да, “Australian Open”даги ушбу муваффақият фаолиятидаги энг муҳим босқичлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Шунингдек, у Қозоғистон тарихида ушбу турнирда яккалик баҳсларида чемпион бўлган илк теннисчига айланди.
Мутахассислар Рибакинанинг ушбу зафарини нафақат спорт натижаси, балки ментал барқарорлик ва катта ўйинлардаги маҳорат намунаси сифатида эътироф этмоқда. Унинг “Australian Open”даги ғалабаси аёллар теннисида кучлар нисбатига янги оҳанг олиб кириши кутилмоқда.


