Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқаросининг “Қозондагӣ хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш муассасасида 45 кундан бери сақланаётгани” ва Ватанига қайтишда ёрдам сўрагани акс этган видеолавҳа юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Ўрганишлар натижасида, мазкур шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.А. (1983 йилда туғилган) экани аниқланди. Унга нисбатан 2025 йил 2 август куни Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 18.8-моддаси 1.1-қисми (“мамлакатда қолиш режимини бузиш”) бўйича маъмурий чоралар қўлланилган ва Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, М.А. шу йилнинг 11 июлида ҳам худди шу модда бўйича жавобгарликка тортилгани аниқланган. Фуқаронинг хорижга чиқиш паспортида Россия давлат чегарасидан ўтиш ҳақидаги муҳрларнинг қалбакилаштирилганлик белгилари мавжуд бўлгани учун ҳужжат экспертизага юборилган.
2025 йил 2 сентябр куни Саратов вилояти Ички миграция бўлими мазкур фуқаро учун Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириш юзасидан Бош консулхонага сўровнома тақдим этган. Сўров Консулхона томонидан тезкор равишда ижобий ҳал қилинган. Ҳозирда Саратов вилояти ички миграция идораси вакилининг Қозон шаҳрига хизмат сафари амалга оширилиши кутилмоқда.
Қозон шаҳридаги Бош консулхона мазкур масалани ўз назоратига олган ва барча зарурий чора-тадбирларни кўришда давом этмоқда.


