Ер юзидаги юз миллионлаб мусулмонлар бугун Ийд ал-Адҳа - Қурбон ҳайитини нишонламоқда. Ривоятларга кўра, бу анъана ҳз. Иброҳим (а.с.) Аллоҳ томонидан имтиҳон қилинган кундан бошланади.
Маълумки, диний манбаларда, хусусан, Библия ва Қуръонда Иброҳим (а.с.)нинг ўз ўғилларини Яратганнинг амрига биноан қурбонлик қилмоқчи бўлгани ёзилади. Иброҳим (а.с.) Аллоҳга бўлган итоатлари сабаб ўз ўғилларини уйдан олиб чиқадилар. Белгиланган жойга бориб, Исмоил (а.с.)нинг бўғзига пичоқ қадаганларида, Аллоҳнинг изни билан Жаброил (а.с.) жаннатдан бир қўчқор олиб чиқади ва Исмоил (а.с.) қурбонликдан қутуладилар.
Бу воқеа Қуръони каримнинг “ас-Соффат” сурасида тилга олинади. Суранинг 106-107-оятларида ўқиймиз. “Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир. Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик”.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг маълумот беришича, Лиссабон (Португалия)даги Гюлбенкян коллекциясида темурийлар даврига оид бир қўлёзма сақланади. 1410–1411 йилларда Шерозда кўчирилган ушбу мураққаъ (альбом)да Иброҳим (а.с.) ўз ўғлини қурбон қилаётганлари акс эттирилади.
Суратда айни ана шу оятларда зикр қилинган ҳолат тасвирини кўришимиз мумкин. Унда Иброҳим (а.с.) ўз ўғли Исмоил (а.с.)нинг бўйнига пичоқ тираб турганлари тасвирланган. Сарғиш рангли фонда ҳавода муаллақ турган тўрт нафар қанотли фаришта кўзга ташланади. Иброҳим (а.с.)нинг қаршисида жаннатдан қўчқор олиб чиққан Жаброил (а.с.) қанотли аёл кўринишида тасвирланган
“Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга катта эътибор қаратиляпти. Жамиятимиз аъзолари ушбу эътибор ва ғамхўрликдан руҳланиб, дунёнинг турли ҳудудларидан халқимиз маънавий меросининг кўплаб дурдоналарини аниқлашмоқда. Фурсатдан фойдаланиб барча ҳамюртларимизни Бутунжаҳон жамияти аъзолари номидан Қурбон ҳайити билан муборакбод этаман!”, — дейди Фирдавс Абдухолиқов.


