АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Беҳзод Муталлиев 2023 йилнинг ўтган даврида қурилиш соҳасидаги давлат дастурлари ижросини назорат тадбирларида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидланишича, Прокуратура органлари томонидан жорий йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури-даги 1 863 та «Янги Ўзбекистон» массивларидаги 685 та ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастуридаги 6 007 та лойиҳа мониторингга олинган.
Аниқланишича, юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 436 нафар масъуллар интизомий ва 1 245 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 050 нафар шахс расман огоҳлантирилди.
Шунингдек, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 215 та жиноят иши қўзғатилган ҳамда 5103 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Бундан ташқари, объектлардаги қурилиш ишлари сифати ва иш ҳажмларини тўлиқ бажарилиши ўрганилиб, 1 856 та ҳолатда 32,8 млрд сўмлик сифатсиз ишлар бажарилганлиги ҳамда 775 та ҳолатда 37,4 млрд сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланди.
Шундан, 1 444 та ҳолатда сифатсиз бажарилган 19,9 млрд сўмлик ҳамда 616 та ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 16,6 млрд сўмлик ишлар бартараф этилди.


