
Аммо Қурвонали ака тайёрлаган паловни еб, пулини тўлашда эса, тўғриси, уяласиз. Бир кишилик тўплам: ўртача ликопда нўхатли, гўштли, устида тухуми бор ош, яримта нон, шакароб (тўғралган пиёз, бодринг ва помидор). Шуларнинг ҳаммасини бор-йўғи 6 минг сўм эвазига харид қилиб, иштаҳа билан овқатланасиз. Ҳа, айтганча, ошхонада чой мутлақо бепул. Блогер Исроил Тиллабев томонидан Facebook саҳифасида яйпанлик тадбиркор Қурвонали аканинг оши ҳақида жойланган видео турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Кўплаб кузатувчилар худди биз каби бундай арзон ош борлигига ишонишмади ҳам. Биз тадбиркор билан суҳбатлашиб, бунинг қанчалар ҳақиқат эканига ойдинлик киритдик.
Мавзуни ўрганиш давомида айни кунларда палов учун керакли маҳсулотлар (ёғ, гўшт, сабзи)нинг қимматлиги боис биз вилоятлар кесимида ошнинг нарх-навоси билан ҳам қизиқдик. Жорий йилнинг июнь ойида давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатимизнинг марказий ҳудудларидаги умумий овқатланиш муассасалари (ош марказлари)да ўтказилган кузатув натижаларига кўра , энг арзон ош Наманганда 14 714 сўм дея қайд этилган. Биз сўз юритаётган ва қўмита рўйхатига кирмай қолган ош ҳақиқатдан ҳам Фарғона вилоятининг Яйпан шаҳрида тайёрланар экан. Яйпанликлар бир порция ошни 6 минг сўмга сотиб олишади.
Тадбиркор Қурвонали ака ўз хонадонида ошхона очиб, 35 йилдан буён ота касбини давом эттиряпти. У ўзининг манфаатидан кўра, аҳолининг “чўнтаги”ни ўйлайди. Одамларни рози қилишдек олийжанобликни мақсад қилган.

-—Оилада кенжатой —12-фарзандман. Ака-опаларимнинг деярли ҳаммаси олий маълумотли. Мен ошпазликка қизиқиб, аёлим билан узоқ йиллардан бери фаолиятимни давом эттириб келяпман. Аввалига ошхонамизни уйимизда очдик. Мижозлар кўпайиб, уларни сиғдиролмай қолдик. Бир йил аввал туманимиз марказидаги Автовокзал ёнидан ижарага жой олдик. Ҳозирда 5 нафар ишчимиз бор, уларнинг 4 нафари аёллар. Ходимларимизга ҳар ойда 1 миллион 500 минг сўмдан маош тўлайман. Ундан ташқари, битта шогирдим бор. Унга кунига 100 минг сўм ҳақ тўлайман. Шогирдим чет элга кетмоқчи эди, уни бу фикридан қайтардим. Чунки бегона юртда қийналиб топаётган пулни шу ерда, ота-онаси бағрида ҳам топса бўлади. Шукр, ҳозир у ҳам топаётган ойлигидан мамнун бўлиб ишлаяпти. Ходимларимизнинг ҳаммаси билан меҳнат шартномаси тузилган. Ижара учун ойига 2 ярим миллион сўм тўлайман. Ишчиларимиз маоши ва бошқа сарф-ҳаражатлардан ташқари ойига 3 ярим миллион сўм атрофида соф даромад оламан. Кунига ўртача 300-350 нафар атрофидаги мижозларга хизмат кўрсатамиз. Бизда ош арзонлигига баъзилар ишонмай, ўзлари кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилгани келиб, меҳмон бўлиб кетишади. Кўпчилик сабзи, ёғ қимматлаб кетди, нега нархни ўзгартирмадингиз, деб кўп айтди. Аммо бугун мен ош нархини оширганим билан бозордаги нарх-наво ҳар доим бирдек турмайди-ку, эртага тушиб кетиши ҳам мумкин. Бунинг менга у қадар аҳамияти йўқ. Одамлар рози бўлса, бўлгани. Нолимайман, рўзғорим бут. Ишимни яхши кўраман. Фаолиятим орқасидан 4-5 та оилага барака киряпти. Шуни ўзи етарли, аслида. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, одамларга хизмат қилиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишни ният қилганмиз.
Жамиятимизда мана шундай ўз ишини севиб, халқнинг дуоси ва олқиши орқали рўзғорини тебратаётган диёнатли инсонлар кўп. Ошхона бизнесини йўлга қўйиб, адашиб кирган хўрандалар ҳисобига бойлик орттиришни кўзлаганлар Қурвонали акадек инсонлардан ўрнак олса қанийди.
Баҳринисо МАДУМАРОВА


