Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахбороти асосида 2026 йилда муқаддас Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келади. Қарорда ушбу муборак давр халқимиз учун инсонпарварлик, саховат, сабр-тоқат ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамловчи муҳим маънавий давр экани алоҳида таъкидланган.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон бўйлаб Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказиш учун кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ишлари устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, Рамазон ойига оид тадбирларни ортиқча дабдабасиз, ихчам ва мазмунли тарзда ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Бу орқали жамиятда тежамкорлик, саховат ва меҳр-оқибат каби қадриятларни мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий бирдамликни янада кучайтириш кўзда тутилмоқда. Оммавий ахборот воситаларига эса ушбу муборак ой билан боғлиқ тадбирларни кенг ва тизимли ёритиш тавсия этилди.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вазифаси Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Президент маслаҳатчиси R.Q. Давлетов зиммасига юклатилди. Ушбу ҳужжат Рамазон ойини нафақат диний, балки жамиятда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий-маънавий давр сифатида юксак савияда ўтказишга хизмат қилади.


