Молдова президенти Майя Санду румин тилини республиканинг расмий тилига айлантириш ҳақидаги қонунни имзолади.
«Бугун мен тарихий адолатни тасдиқловчи қонунни имзоладим: энди Молдованинг давлат тили румин тили бўлади», — деб ёзди Санду ўзининг Facebook саҳифасида.
Мамлакат раҳбари молдоваликлар энди Европа Иттифоқининг расмий тилларидан бирида мулоқот қилишларини таъкидлади. У румин тилини «жамиятни мустаҳкамлаш учун катализатор» вазифасини ўтаб беришига ишонч билдирди.
«Бизга ўнлаб йиллар давомида Молдова фуқаролари, румин тилида эмас, Молдова тилида гаплашиши кераклигини айтган. Бундан фақат биргина мақсад кўзланган — халқларни ажратиш. Яъни, бўлинган халқни бўйсундириш ва назорат қилиш мақсади бўлган.
Бизни бўлиб юбормоқчи бўлганлар лингвистика ҳақида эмас, қандай қилиб Молдовани доимий равишда миллий қарама-қаршиликда ушлаб туришни ўйлаганлар», — деди Санду.
Ўтган пайшанба куни мамлакат парламенти 58 депутатнинг овози билан давлат тили номини Молдова тилидан румин тилига ўзгартиришни маъқуллаганди. Гарчи бу одатда референдумни талаб қилса ҳам энди мамлакат қонунчилигига, ҳатто конституцияга ҳам ўзгартиришлар киритилади.
Маълумот ўрнида: Руминия Европа Иттифоқига аъзо. Молдова эса 2022 йилдан бери иттифоқ аъзолигига номзод давлатдир.


