1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Спорт

“Реал Мадрид” яна бир совринни қўлга киритди

Жамоа қитъалараро кубок соҳибига айланди.

“Реал Мадрид” яна бир совринни қўлга киритди

 

Қитъалараро кубок финали Қатарда бўлиб ўтди ва унда Европанинг энг яхши клуби “Реал Мадрид” ҳамда Шимолий ва Марказий Американинг энг яхши жамоаси "Пачука" тўқнаш келди. Умуман олганда, бу аввалги 23 йилдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати формати эди. Аввалги турнир қайтадан ташкил этилган. Келаси йил ёзда мазкур мусобақада бутун дунёдан 32 та жамоа иштирок этади.

 

Кечаги учрашувда Анчелотти кучсиз рақибга қарши асосий таркиб футболчиларининг барчасини майдонга туширди: Тибо Куртуа, Антонио Рюдигер, Фран Гарция, Лукас Васкес, Аурелиен Чуамени, Федерико Валверде, Эдуардо Камавинга, Родриго, Беллингем, Виниcиус ва Килиан Мбаппе. Раул Асенсио, Арда Гулер ва Эндрик каби футболчилар захирада қолдирилди.

 

Дастлабки дақиқаларда "Пачука" ташаббусга эга бўлди. Мексикаликлар Мадрид жамоасидан фарқли ўлароқ тўпни кўпроқ ушлаб туриб, вазиятлар яратишди. Ана шундай ҳолатлардан бирида Луис Родригес жарима майдончаси ташқарисидан яқин бурчакка хавфли зарба йўллаб, Куртуанинг реакциясини синаб кўрди. "Реал" узоқ вақт давомида ҳужум қилиш ҳақида умуман ўйламади. Гўёки рақибнинг имкониятларини ўрганиш билан вақт ўтказди. Секин-секин учрашувнинг давомийлиги мантиқийлашиб борди. Европанинг энг яхши клуби босимни оширди ва бўш зоналардан унумли фойдаланди. Бироқ, дастлабки уринишлар барчаси бесамар кетди. 37-дақиқага келиб Мексика клуби зарбалар сони бўйича рақибларидан олдинда эди. Бироқ, "Реал" барибир ўз вақтини кутди. Биринчи бўлимнинг охирларида Беллингем чап қанотда фаоллик кўрсатиб тўпни Винициусга узатди, ўз навбатида бразиялик ҳужумчи ҳам тўпни марказда турган Мбаппега етказиб берди. Франциялик ҳужумчининг дарвоза томон берган зарбаси эса ниҳоят гол билан якунланди.

 

Иккинчи бўлим бошида Родриго ҳам гол урди. У ажойиб дриблинг ҳаракатларини амалга ошириб, бир нечта рақибларини чалғитишга муваффақ бўлди ва тўпни ўнг оёғига тўғрилаб дарвозанинг узоқ бурчагига қараб йўллади. Шу тариқа испанлар ҳисобни ишончли кўринишга олиб келишди. Шундан сўнг, Анчелотти бир қатор ўзгаришларни амалга оширишни бошлади. Мураббий Браҳим Диаз ва Дани Себаллосни Камавинга ҳамда Килиан Мбаппенинг ўрнига майдонга туширди. Кейинчалик у Родригони Лука Модричга алмаштирди. Мексикаликларнинг бундан кейинги ҳужумлари муваффақиятсиз якунланди. Виниcиуснинг пенальтидан урган голи эса Мадрид жамоасига мазкур учрашувдаги тўлиқ ғалабани таъминлади.

 

Қитъалараро кубок 1960 йилдан 2003 йилгача ўтказилган. Шундан бери турнир ташкил этилмаётган эди. Кечаги соврин «Реал» учун тўртинчиси бўлди. Жамоа бундан аввал 1960, 1998 ва 2002 йилларда кубокни қўлга киритган. Анчелотти учун қитъалараро кубок Мадрид клуби сафидаги 15-соврин ҳисобланади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика