Киночилар уйида Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан «Беларусфилм» киностудияси билан ҳамкорликда ко-продукция форматида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳамда кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Учрашувда Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Леонид Маринич, Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, «Беларусфильм» киностудияси директори Владимир Карачевский, киноижодкорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Икки мамлакат киноижодкорларининг сўнгги уч йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди. Ушбу даврда «Беларусфильм» киностудияси кўмагида Хилол Насимовнинг «Мерос», Жаҳонгир Аҳмедовнинг «Илҳақ», Иброҳим Расуловнинг “Мухаббат бахори” фильмлари суратга олинган.
Учрашувда томонлар жорий лойиҳаларни ҳам тақдим этишди.
Ўтган йили Минскда бўлиб ўтган «Листапад» фестивалида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти ва «Беларусфилм» киностудияси ўртасида янги лойиҳа – “Осиё арслони” фильмини ишга тушириш бўйича меморандум имзоланган эди. Фильм Фарғона вилоятида туғилган, урушда разведкачи-партизан сифатида иштирок этган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Мамадали Топволдиев (партизанлар уни «Казбек» деб аташган) ҳақида ҳикоя қилади. Фильм “Мен террорчи эмасман” фильми билан танилган ёш режиссёр Муҳаммадали Искандаров томонидан суратга олинади.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан «Беларусфилм» кўмагида ишлаб чиқарилаётган «Узбечка» фильмини суратга олиш жараёни муҳокама қилинди. Фильм ўзбек мерган қизи, афсонавий Зебо Ғаниеванинг образи асосида яратилмоқда. Қаҳрамон тимсолида Иккинчи жаҳон уруши фронтларида қатнашган Ўзбекистон аёлларининг жасорати ва матонати мужассамланган.
Учрашув якунида муҳокама қилинган лойиҳалар бўйича меморандумлар имзоланди.
– Буюк ижодкорларимиз Элёр Эшмуҳамедов ва Одельша Агишевга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида ВГИК филиалини очиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Қувонарлиси, сизлар ҳозирги вақтда Тошкентда ёшларимизга ўз билимингизни бериб келмоқдасиз. Ишончимиз комилки, шогирдларингиз «Ошиқлар» каби кино санъати дурдоналарини яратишга муваффақ бўлишади, – деди агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов.


