Мамлакатимизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ҳамкорлигида республика миқёсида тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzгa хабар берди.
Тадбирлар доирасида бир қатор ҳолатлар аниқланди, жумладан:
Гулистон шаҳрида 2002 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Gentra русумли автомашинасида ушланиб, уяли телефонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳақида маълумотлар олинди. Унинг уйидан 2 кг 787 гр «Прегабалин», 1900 дона капсула кўринишидаги «Прегабалин», 150 дона «Тропикамид» ва 1 литр «Тропикамид» ҳамда турли анжомлар расмийлаштириб олинди. Унга нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилоятида 3 нафар шахс 36 дона «Регапен» дорисини шартли харидорга сотган вақтида ушланиб, жами 13 217 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Уларга нисбатан ЖКнинг 251-1-моддаси билан иш қўзғатилди.
Мирзо Улуғбек туманида 1995 йилда туғилган шахс 4 нафар шерик билан 2 нафар фуқарони уриб, 500 АҚШ долларини ўзлаштирган. Гуруҳ аъзоларига ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан иш қўзғатилди.
Тошкент шаҳрида яшовчи 2003 йилда туғилган шахс «Малика» савдо мажмуасида телефон сотиш орқали безорилик ва зўравонлик ҳаракатларини содир қилган. Ҳозирда у қўлга олинган, иш ЖКнинг 277-моддаси билан қўзғатилган.
Чиноз туманида 1967 йилда туғилган шахс 10 нафар фуқарони иштирокида қимор ўйинлари ташкил қилган. Тезкор тадбирда жами 140 млн сўм миқдоридаги пуллар мусодара қилинди. Ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 278-моддаси билан иш қўзғатилди, қолганларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида чоралар кўрилди.
ДХХ ва ИИВ ҳамкорлигидаги тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда ва жиноятчиликка қарши курашишда самарали чора-тадбирлар қўлланилмоқда.


