FOX Sports Саудия Арабистони Премер-лигаси ўйинларини трансляция қилишни тўхтатишга қарор қилди. Бу қарор, португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг «Ал-Наср» жамоаси ўйинларини байкот қилиши ортидан қабул қилинди. TASS Speedline хабарига кўра, бу ҳолат лигага глобал медиа ва тижорат лойиҳаларидан келиб чиқадиган ҳолда тахминан 2,4 миллиард доллар миқдорида молиявий зарар келтирди.
41 ёшли ҳужумчи Саудия Арабистони Суверен бойлик жамғармаси (PIF) сиёсатидан норози бўлиб, клубининг ўйинларида қатнашмаяпти. Роналдунинг фикрича, жамғарма жамоанинг рақиби «Ал-Ҳилол»га адолатсиз устунлик бериб, «Ал-Наср» таркибини кучайтиришга етарлича маблағ сарфламаяпти.
Лига жиддий глобал обрў йўқотиши билан юзлашмоқда. «Ал-Наср» жамоаси турнир жадвалида иккинчи ўринда бўлиб, етакчи «Ал-Ҳилол»дан атиги бир очко ортда қолмоқда. Роналдунинг яқин келажакда MLS ёки Европа клубларига ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалмоқда.


