Россия 2026 йил апрель ойидан бошлаб малакали ва юқори салоҳиятга эга хорижий мутахассислар учун махсус истеъдод визаларини беришни бошлайди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди дейди gazeta.ru нашри.
Қайд этилишича, Россия дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари Россия иқтисодиёти, илм-фан, технология, ишлаб чиқариш, спорт, ижодий, маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳалари ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган чет эл фуқароларига бир йилгача амал қиладиган кўп марталик иш визаларини расмийлаштиради.
Мазкур тартиб Россияда юқори сифатли миграция тизимини шакллантиришга қаратилган 883-сонли Президент фармони асосида жорий этилмоқда. Унга кўра, Россия учун муҳим деб топилган касб, малака ёки кўникмага эга бўлган хорижий фуқаролар тегишли тартибда ариза топширишлари мумкин.
Шунингдек, бундай визалар Россия манфаатлари учун муҳим деб топилган шахслар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам берилиши мумкин. Бунинг учун Россия Ички ишлар вазирлигининг тегишли қарори талаб этилади.
Маълумотларга кўра, дастлаб ушбу визаларни бериш жараёни 2026 йил 15 апрелга қадар дипломатик ваколатхоналар орқали йўлга қўйилади.
Мазкур ташаббус илгари Давлат Думаси депутати томонидан илгари сурилган таклифлар асосида шаклланган бўлиб, юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш орқали иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.


