Россия ва Афғонистон ўртасида меҳнат миграцияси масаласида музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукуматининг Россиядаги элчиси Гул Ҳасан TASS агентлигига маълум қилди.
Элчининг сўзларига кўра, ушбу йўналишда аллақачон музокаралар ўтказилган ва ижобий натижаларга эришиш учун етарли асослар мавжуд. Унинг таъкидлашича, Афғонистон Россия меҳнат бозорига ёш, малакали ва профессионал кадрларни таклиф қилишга тайёр.
Гул Ҳасаннинг айтишича, томонлар ўртасидаги мулоқот меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Музокаралар тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган.


