«ТАСС», «РИА Новости» ва «Интерфакс» бир вақтнинг ўзида Украина ва Буюк Британия «Россия билан ўзаро муносабатларга эътибор қаратган» Африка раҳбарларини ўлдириш учун отряд тайёрлагани ҳақида хабар беришди.
Россиянинг «ТАСС», «РИА Новости» ва «Интерфакс» ахборот аганетликлари 16 августга ўтар кечаси бир вақтнинг ўзида Британия махсус хизматлари томонидан ўқитилган 100 нафар украиналик диверсантлар гуруҳи Африкага кўчирилиши режалаштирилгани ҳақида хабар тарқатди.
Ҳар учала хабар ҳам «ҳарбий-дипломатик манба»га таянган ҳолда ёзилган, бироқ аниқ манба келтирилмаган.
«Британия разведка хизматлари томонидан тайёрланган Украина бўлинмасининг вазифаси Африка мамлакатларидаги инфратузилма объектларида қўпорувчилик қилиш, шунингдек, Россия билан ўзаро муносабатларга эътибор қаратган Африка раҳбарларини йўқ қилиш бўлади», — дея ҳар уч агентлик манбадан иқтибос келтирган.
ББС рус хизматининг таъкидлашича, худди шу аноним манбага таянган ҳолда бир хил маълумотларнинг синхрон тарзда эълон қилиниши, ушбу хабарни иложи борича кенгроқ тарқатиш учун олдиндан режалаштирилганини англаш қийин эмаслигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Россиялик тарғиботчилар Украинага ёрдам сифатида немис оиласининг мулки тортиб олингани ҳақидаги видеони тарқатишгани ҳақида хабар берилганди. Россия пропагандаси тарқатган «ижтимоий реклама»да немис оиласининг уйида «Heil Zelenskiy» деб ёзилган портрет осилган. Аслида эса Германияда бўлган воқеа деб айтилаётган видео Россияда суратга олинган, ролларни эса россиялик актёрлар ижро этган.


