Россия АҚШга тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш таклифини берди. Россия дипломатик вакиллари 27 февраль куни Истанбулда ўтказилган музокаралар чоғида АҚШ делегациясига ушбу ташаббусни илгари сурди.
Маълумки, АҚШ 2022 йилда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан кейин Россия самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган эди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам худди шундай чекловларни жорий қилган. Россия бунга жавобан 36 мамлакат самолётларига махсус рухсатларсиз ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаган эди.
Музокаралар давомида томонлар авиақатновлардан ташқари дипломатик ваколатхоналарни молиялаштириш ва дипломатлар фаолиятини муҳокама қилди. “Музокаралар мазмунли ва ишчан руҳда ўтди. Ушбу йўналишда мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди”, — дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.
Мазкур музокаралар фонида Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси акциялари 3,13 фоизга ошиб, 73,75 рублга етди. Аввалроқ компания акциялари бироз пасайиш кузатган эди.
Сўнгги йилларда АҚШ ва Россия ўртасидаги дипломатик алоқалар кескинлашган бўлсада, 18 ва 27 февраль кунлари ўтган музокаралар икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилашга қаратилган дастлабки қадам сифатида баҳоланмоқда. 18 февраль куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат дипломатик ваколатхоналари сонини тиклаш ва Украина можаросини тартибга солиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олган эди.
Истанбулда ўтган музокаралар эса экспертлар даражасида давом этди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Россия Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев ва АҚШ Давлат департаментининг Евроосиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Соната Соултер музокараларни давом эттириш бўйича келишувга эришди. Келгуси учрашув санаси ҳали эълон қилинмаган.


