Россия Мудофаа вазирлиги мамлакатдаги ягона авиаташувчи кема — “Адмирал Кузнецов” крейсери таъмири ва флот таркибига қайтарилишидан воз кечиши мумкин. Бу ҳақда Izvestiya нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, 2018 йилдан бери капитал таъмирда бўлган ушбу кема ҳозирча модернизация қилинмаяпти. Уни тиклаш масаласи юзасидан якуний қарор тез орада қабул қилиниши кутилмоқда.
Россия Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонлиги ва “Бирлаштирилган кемасозлик корпорацияси” вакиллари *“Адмирал Кузнецов”*ни жанговар флот таркибига қайтариш мақсадга мувофиқлиги борасида муҳокамалар олиб бормоқда.
Тинч океани флоти собиқ қўмондони, адмирал Сергей Авакянс кема таъмиридан воз кечишни “тўғри қарор” деб атади. Унга кўра, бундай кемалар эскирган технология бўлиб, замонавий урушлар роботлаштирилган тизимлар ва дрон ташувчиларни талаб қилади.
Агар таъмир тўхтатилса, “Адмирал Кузнецов” утилитизация қилиниб, металлга топширилиши мумкин.
Маълумот учун, ҳозирда дунёда атиги 10 та давлатда авиаташувчи кема мавжуд. Уларнинг энг каттаси АҚШ флотига тегишли бўлиб, 11 та авиаташувчига эга. Хитойда эса 3 та шундай кема бор.


