Россияда бензин таъминотидаги узилишлар ортидан 360 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳукумат бензин экспортига қўйилган тақиқни 2025 йил охиригача узайтирди. Шунингдек, ёқилғи ишлаб чиқармайдиган компаниялар учун дизел экспортига ҳам чеклов сақланиб қолмоқда. Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Александр Новак бу орқали ички бозор қўшимча нефт маҳсулотлари билан таъминланишини таъкидлади.
Аннекция қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов эса аҳолига видеомурожаат йўллаб, вазиятни тан олди ва маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлардан сабр қилишни сўради. Унинг айтишича, АИ-92 маркали бензин бўйича муаммо икки ҳафтада, АИ-95 бензини бўйича эса икки кунда ҳал қилиниши режалаштирилган.
“Известия” маълумотича, таъминот муаммолари Москва ва Москва вилояти, Белгород, Сахалин, Приморе ва Ставропол каби ҳудудларда кузатилмоқда. “Коммерсантъ” эса Украина дрон ҳужумлари туфайли охирги икки ойда Россия нефтни қайта ишлаш ҳажми 10 фоизга камайганини, бу эса бензин танқислиги ва 360 та шаҳобчанинг ёпилишига олиб келганини қайд этмоқда.


