Россия фуқаролигини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг янгиланган таҳририда ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишдан бош тортган чет эл фуқароларининг фарзандларига нисбатан ҳам фуқароликни бекор қилиш имконияти назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Ведомости нашри қонун лойиҳасига таяниб хабар берди.
Ҳужжатга кўра, агар бола Россия фуқаролигини ота-онасининг хоҳиши асосида олган бўлса, фуқаролик бекор қилиниши мумкин. Шу билан бирга, туғилиш орқали фуқаролик олган болалар, шунингдек, ота-оналардан бири Россия фуқароси бўлган ҳолатларда бу норма қўлланилмайди.
Мазкур ўзгартиришлар Давлат Думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов, Хавфсизлик қўмитаси раиси Василий Пискарёв ва бошқа депутатлар томонидан ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасида ҳарбий рўйхатдан ўтиш талабларини бажармагани учун Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган шахс уч йилдан сўнг фуқароликни қайта олиш учун мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган. Шу билан бирга, президент гуманитар мақсадларда айрим тоифадаги чет элликлар учун ушбу муддатни қисқартириш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги фуқаролар Россия фуқаролигини олганидан кейин икки ҳафта ичида ҳарбий рўйхатга олиш ва чақирув бўлимига шахсан мурожаат қилиши ёки бир ҳафта ичида «Госуслуги» портали орқали ариза топшириши шарт бўлади. Талаблар бажарилмаган тақдирда, махсус комиссия хулоса чиқаради ва Ички ишлар вазирлиги 30 кун ичида фуқароликни бекор қилиш бўйича якуний қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 8 август куни Россия президенти Владимир Путин ҳарбий хизматга рўйхатдан ўтишдан бош тортган шахсларни Россия фуқаролигидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди.


