Россия ҳукумати хорижликларга берилган фуқароликни ҳарбий бурчдан бўйин товлаган тақдирда бекор қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
TASS агентлиги хабарига кўра, “Ягона Россия” партияси депутатлари томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат “Фуқаролик тўғрисида”ги ҳамда “Ҳарбий бурч ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Лойиҳага мувофиқ, Россия фуқаролигини қабул қилган шахс икки ҳафта муддатда ҳарбий комиссариатга мурожаат қилиши ёки бир ҳафта ичида “Госуслуги” портали орқали ариза топшириши шарт. Мазкур талаб бажарилмаган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан фуқароликни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади. Бироқ шахс 30 кун ичида комиссариатга мурожаат қилса, қарор бекор қилинади.
Қонун лойиҳасига кўра, фуқароликдан маҳрум этиш қарори баъзи ҳолларда шахснинг оиласига ҳам татбиқ этилиши мумкин. Шу билан бирга, иккинчи ота-она Россия фуқароси бўлса ёки бола болалар уйига жойлаштирилган бўлса, истисно қўлланади.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, давлат мукофотлари соҳиблари ҳамда давлат сирларидан хабардор шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун фуқаролик сақлаб қолиниши белгиланган. Фуқароликдан маҳрум этилган шахс уни қайта тиклаш учун камида уч йил кутиши лозим бўлади.
Россия ҳукумати мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлади, бироқ уни такомиллаштириш бўйича қўшимча таклифлар билдирилди.


