Россиянинг Уфа шаҳрида жойлашган 16-сонли шаҳар гимназиясида тўққизинчи синф ўқувчиси томонидан қуролли ҳужум содир этилди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ОАВ манбалари хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўқувчи пластик пневматик қурол ва петарда билан таълим муассасасига кириб, дарс жараёнида ўқитувчи ҳамда уч нафар синфдошига бир неча маротаба ўқ узган. Шунингдек, портлашга ўхшаш товуш эшитилгани қайд этилган.
Воқеа ҳақида хабар маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:00 да келиб тушган. Ҳодиса жойига зудлик билан полиция, Россия Миллий гвардияси ва фавқулодда хизматлар етиб борган. Мактаб ҳудуди ўраб олиниб, кириш йўллари вақтинча ёпилган.
Бошқирдистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Урал Килсенбаевнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Гумонланувчи ўқувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов органлари томонидан бир қатор жиноий ишлар, жумладан, мансабдор шахсларнинг бепарволиги билан боғлиқ моддалар асосида суриштирув ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида Одинтсово туманидаги мактабда пичоқ билан қуролланган тўққизинчи синф ўқувчиси тожикистонлик ўн ёшли ўқувчига ҳужум қилган эди. Фожиа оқибатида тўртинчи синф ўқувчиси вафот этган эди.


