Россия Федерацияси Давлат Думасига чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан пичоқ ва тиғли қуролларга ўхшаш буюмларни олиб юришни тақиқлашга доир қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақида “TASS” хабар берди.
Ташаббус Коммунистик партия фракцияси депутатлари, жумладан, Михаил Матвеев томонидан илгари сурилган. Уларнинг фикрига кўра, мамлакатда сўнгги йилларда мигрантлар томонидан пичоқли қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар сони сезиларли ошган.
Қонун лойиҳасига биноан, Россия ҳудудида чет эл фуқаролари тиғли қуроллар, турли кесувчи ва санчувчи мосламалар, шунингдек вазифаси қуролга ўхшаш уй-рўзғор ёки саноат пичоқларини олиб юриш имкониятига эга бўлмайди.
Тақдим этилган тушунтириш хатида қайд этилишича, 2022 йилда полиция томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган пичоқли қуроллар сони 2021 йилга нисбатан 25,9 фоизга кўпайган. Шунингдек, ҳужжатда чет элликлар томонидан расмий равишда қурол сифатида таснифланмаган пичоқлар ёрдамида содир этилган оғир жиноятлар сони юқорилигича қолаётгани таъкидланади.
Қонун лойиҳаси ҳозирда депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Тасдиқланган тақдирда мазкур чекловлар Россия ҳудудида фаолият юритаётган барча хорижликларга татбиқ этилади.


