Россия Давлат Думасига хорижий фуқаролар учун иш тартибини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси киритилди. Лойиҳа Россияга визасиз келган ва патент асосида ишлаётган мигрантларга камида бир йил давомида бир иш берувчида ишлаш мажбуриятини белгилашни назарда тутади. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, агар мигрант мамлакатда қолишни давом эттириш учун қонуний асосга эга бўлмасдан, 12 ойлик муддат тугашидан олдин меҳнат шартномасини бекор қилса, унинг патенти бекор қилинади ва Россияни тарк этиши шарт бўлади.
Бундан ташқари, шартнома асосли сабабларга кўра бекор қилинганда ходим янги меҳнат шартномасини топиш учун 30 кунлик муддатга эга бўлади.
Ушбу чора қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва уй-жой коммунал хўжалиги каби муҳим соҳаларда кадрлар алмашинувини камайтиради, мигрантлар ва иш берувчиларнинг масъулиятини оширади ҳамда миграция бошқарувини яхшилайди.


