Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган Александровская касалхонаси ўликхонаси раҳбари жасадлар ва тана қисмларини ноқонуний равишда тижорат мақсадларида топшириш билан боғлиқ жиноят иши доирасида ҳибсга олинди. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мансабдор шахс хусусий компания вакилларидан пора олиб, марҳумларнинг жасадлари ва тана қисмларини бериб келганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, ушбу қисмлар кейинчалик тижорат ташкилотларига ўтказилиб, илмий тажрибалар ва тиббиёт соҳаларида қўлланилган.
Суд қарорига биноан, гумонланувчига нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш моддалари бўйича айблов қўйилган ва у судгача қамоққа олинган. Аввалроқ ушбу иш доирасида жасадлар ва тана қисмларини қабул қилган хусусий компания асосчиси ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган.
Тергов органлари маълумотига кўра, ноқонуний схема доирасида айрим ҳолларда қариндошлари бўлмаган ёки ижтимоий ҳимоясиз шахсларнинг жасадлари ишлатилган бўлиши мумкин. Иш юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


