Россия Федерациясининг Тамбов вилояти суди Липецкдаги қаттиқ тартибли жазони ижро этиш колониясидан қочган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарди.
Суд маълумотига кўра, мазкур шахс ҳибсга олиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, унга жисмоний жароҳат етказган. Натижада полиция ходимининг қўли сингган. Мазкур ҳаракатлар Россия Жиноят кодексининг 318-моддаси 2-қисми — мансабдор шахсга хизмат фаолияти чоғида зўравонлик ишлатиш сифатида баҳоланди.
Шундан келиб чиқиб, суд айбланувчини айбдор деб топди ва уни 10 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияда озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябр ойида Липецк вилоятидаги 2-сонли колониядан Марказий Осиёдан бўлган 7 киши қочиб кетган эди. Уларнинг тўрт нафари ўзбекистонлик бўлиб, кейинчалик Тамбов вилоятида қўлга олинган.


