Россияда ишлаш жараёнида молиявий қийинчиликка дуч келган, турар жойсиз қолган, тазйиқ ёки зўравонлик қурбони бўлган, шунингдек, мажбурий меҳнатга мажбурланган Ўзбекистон фуқароларига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги 15 га яқин ҳостел ҳамда суткалик меҳмонхоналар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолади. Шу асосда, мураккаб аҳволда бўлган фуқаролар Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2-уй (Полианка метро бекати) манзилидаги ваколатхонага мурожаат қилиши мумкин.
Ваколатхона ходимлари вазиятни ўрганиб, уларга 30 кунгача бепул ётоқ жой ажратади. Ҳозирда Шимоли-ғарбий, Урал, Сибир, Узоқ Шарқ ва Жанубий федерал округларда ҳам ҳостел ва меҳмонхоналар билан шартнома тузиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур чора Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади ва Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлиги ва моддий ёрдамга бўлган эҳтиёжларини қоплашга қаратилган.


