Россия ҳукумати мамлакат ҳудудида Telegram мессенжери фаолиятини чеклаш ва секинлаштириш бўйича ишларни бошлади. Бу ҳақда RBK нашри соҳа ва тегишли идоралардаги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни назорат қилувчи федерал хизмат — Роскомнадзор 10 февралдан мессенжер фаолиятини қисман чеклашни режалаштирган. Айрим манбалар секинлаштириш чоралари аллақачон бошланганини билдирган.
Шунингдек, Россиядаги фойдаланувчилар 9–10 феврал кунлари Telegram ишлашида узилишлар ва муаммолар кузатилгани ҳақида шикоят қилган. Шунга ўхшаш ҳолатлар январ ўрталари ва декабр охирида ҳам қайд этилган.
Кейинчалик Роскомнадзор Telegram фаолияти секинлаштирилганини расман тасдиқлади. Идора баёнотига кўра, айрим мессенжерлар, жумладан Telegram, Россия қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилмаяпти, шу сабабли уларга нисбатан босқичма-босқич чекловлар жорий этилмоқда.
Қайд этилишича, агар қонунбузарликлар бартараф этилса, ушбу чекловлар бекор қилиниши мумкин. Акс ҳолда, мессенжер фаолиятига нисбатан янада қатъий чоралар, жумладан тўлиқ блоклаш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Россияда Telegram 2018 йилда фойдаланувчи маълумотларини тақдим этишдан бош тортгани сабабли блокланган эди. Бироқ 2020 йилда компания экстремизмга қарши курашишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганидан сўнг чекловлар бекор қилинган эди.


