Россия Федерациясида патент асосида меҳнат қилаётган хорижий фуқаролар фаолиятига нисбатан янги чекловлар жорий этилмоқда. Мазкур тартиблар 2026 йил 1 январдан кучга киради. Тегишли қарорни Россия Бош вазири Михаил Мишустин имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, мигрантларнинг айрим соҳаларда ишлаши тўлиқ тақиқланади ёки сезиларли даражада чекланади. Хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг чакана савдоси, фармацевтика соҳаси ҳамда дорихоналарда дори-дармон савдоси хорижий фуқаролар учун тақиқланган фаолият турлари қаторига киритилди. Шунингдек, бозорларда, кўчма савдо нуқталарида ва дўконлардан ташқари чакана савдо шаклларида мигрантлар меҳнатидан фойдаланиш мумкин бўлмайди.
Бундан ташқари, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги соҳаларида хорижий ишчи кучи улушига аниқ лимитлар белгиланди. Жумладан, йўловчи ва юк ташиш соҳасида мигрантлар умумий ишчилар сонининг 24 фоизидан ошмаслиги лозим. Қурилишда бу кўрсаткич 50 фоиз, сабзавотчиликда 40 фоиз, ўрмон хўжалиги ва ёғочни қайта ишлашда эса 40 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Янги қоидаларга мувофиқ, белгиланган меъёрлардан ошиб кетилган тақдирда, иш берувчилар айрим хорижий ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилишга мажбур бўлади. Қоидабузарлик учун мансабдор шахсларга 45 мингдан 50 минг рублгача, юридик шахсларга эса 800 мингдан 1 миллион рублгача жарима солинади ёки корхона фаолияти 14 кундан 90 кунгача тўхтатилиши мумкин.
Шу билан бирга, Россия ҳудудлари мустақил равишда қўшимча чекловлар жорий этиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Жумладан, Оренбург, Уляновск, Тула, Калуга ва Челябинск вилоятларида таълим, жамоат транспорти, такси хизмати, савдо, овқатланиш, гўзаллик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мигрантлар меҳнатига нисбатан тақиқлар кенгайтирилмоқда.
Расмийларга кўра, мазкур чоралар хорижий ишчи кучини босқичма-босқич маҳаллий мутахассислар билан алмаштиришга қаратилган.


