Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Россиядан олиб келинаётган йирик миқдордаги наркотик модда тўхтатиб қолинди. Ҳолат Тошкент вилоятидаги "Навоий" чегара божхона постида аниқланган. Бу ҳақда Zamon.uz га ДХХ хабар берди.
Текширув жараёнида Қозоғистондан кириб келган “Lada Largus” автомашинаси юкхонасидан “Gazelle” русумли транспорт воситаси учун мўлжалланган узатмалар қутиси топилди. Ушбу эҳтиёт қисм ичига яширилган ҳолда 5 ўрамда жами 2 кг 300 грамм «мефедрон» синтетик гиёҳванд моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, ҳайдовчи мазкур юкни Тошкент вилоятида кутиб турган бошқа шахсга етказиб бериши керак бўлган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, буюртмани қабул қилиш вақтида иккинчи гумонланувчи ҳам ушланди. Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Терго в ишлари олиб борилмоқда.


