Чет элда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болаларни Ватанга қайтариш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. 2026 йил 8 февраль куни Ўзбекистон мутасадди идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг Россия Федерациясига хизмат сафари якунланди.
Мазкур сафар доирасида Россия ҳудудида қаровсиз қолган 6 нафар вояга етмаган бола Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали Ўзбекистонга олиб келинди.
Ватанга қайтарилган болалар дастлаб Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Бу ерда улар учун зарур ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам чораларини кўриш ишлари амалга оширилди.
Барча тартиб-таомиллар якунлангач, болалар белгиланган тартибда ота-оналари ва яқин қариндошларига топширилди. Уларнинг кейинги ижтимоий мослашуви ва қўллаб-қувватланиши яшаш ҳудудларидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан давом эттирилади.


