Россиянинг “Россия 1” телеканали эфирида Марказий Осиё ва Кавказ давлатларига нисбатан баҳсли баёнотлар янгради. “Вечер с Владимиром Соловёвйм” дастурида иштирок этган сиёсатшунос Сергей Михеев минтақа давлатларининг ташқи сиёсатини танқид қилиб, Россия ва постсовет давлатлари ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Михеевнинг фикрича, Россия узоқ йиллар давомида Марказий Осиё давлатларига турли йўналишларда ёрдам кўрсатиб келган, бироқ бу ҳолат минтақа давлатларининг “ҳаддан ташқари эркалаб юборилиши”га олиб келган. У Россия доимий равишда мажбуриятли томон сифатида кўрилаётгани “боши берк кўча” эканини билдирди.
Ушбу мунозарага дастур бошловчиси Владимир Соловёв ҳам қўшилиб, Марказий Осиё давлатлари “ўз ўрнини билиши керак”лигини айтди. Соловёв, шунингдек, Россия минтақа давлатларининг кўплаб муаммоларини, жумладан меҳнат миграцияси ва ижтимоий масалаларни ҳал этиб келаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Владимир Соловёв “Соловёв Ливе” кўрсатуви эфирида Россия ташқи сиёсатида “яқин хориж” мамлакатларига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини билдирган.
У Марказий Осиёни Россия учун стратегик аҳамиятга эга ҳудуд сифатида таърифлаб, минтақани Москванинг миллий хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар доирасида тилга олган.


