Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари билан Ички ишлар вазирлиги раҳбариятида қатор тайинловлар амалга оширилди:
— Рустам Жўраев Миллий гвардия қўмондони лавозимини тарк этди ва Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи вазифасига тайинланди. Бу лавозим ўтган йил декабрда Бекмурод Абдуллаев ишдан озод этилгандан бери бўш турган эди.
— Рустам Мирзаев Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
— Диёрбек Сатторов Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. У аввал Президент Маъмуриятида фаолият юритган.
— Шунингдек, Азизхон Умархонов Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.


