Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятининг Ургут туманида амалга оширилаётган йирик инфратузилма ва ҳудудий ривожланиш лойиҳалари билан танишди.
Ташриф доирасида Саида Мирзиёева Самарқанд шаҳридан Ургут вокзалигача янги қурилган темир йўл орқали етиб борди. Мазкур темир йўл линияси Ургут туманида эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар ва йўловчилар учун масофа ҳамда харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма лойиҳаси сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон–Тожикистон давлат чегараси ҳудудида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ташаббус ҳудудни оддий транзит нуқтадан фаол иқтисодий марказга айлантиришни мақсад қилган.
Янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида логистика жараёнлари нафақат ташиш, балки маҳсулот қийматини оширувчи муҳим босқич сифатида йўлга қўйилади. Божхона жараёнларида бюрократик тартиблар қисқартирилиб, хизматлар тезлиги ва шаффофлиги оширилади.
Тиббий диагностика марказида кунига 200 нафар беморни қабул қилиш, савдо марказида эса 800 нафаргача тадбиркор фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилади. Натижада Тожикистон фуқаролари паспорт назорати, ортиқча ҳужжатлар ва навбатларсиз савдо қилиш ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу эса аҳолига қулайлик яратиб, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Ургут туманидаги сув таъминоти тизими билан боғлиқ муаммолар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Хусусан, минглаб гектар ерларнинг барқарор суғорилмагани ҳамда эскирган насос станциялари сабаб сув йўқотишлари юқори экани қайд этилди. Айрим ҳудудларда сув танқислиги ҳосилдорликни пасайтириб, экспорт салоҳиятини чеклаб келаётгани таъкидланди.
Янги лойиҳалар доирасида ушбу муаммоларни тизимли ҳал этиш кўзда тутилган. Хусусан, 10 минг гектардан ортиқ ер майдони барқарор суғоришга ўтказилади, насос станциялари реконструкция қилинади, кичик сув омборлари барпо этилади ҳамда энергия тежамкор технологиялар жорий қилинади. Натижада сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва экспорт имкониятлари кенгаяди.


