Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 8 май куни «Nexia» автомобилининг каналга тушиб кетиши 3 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, соат тунги 02:40 атрофида туманнинг Бадал МФЙ ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган «Nexia» автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида каналга ағдарилган.
Машинанинг олд ўриндиқларида бўлган ҳайдовчи ва йўловчи сувдан чиқишга улгурган, орқа ўриндиқларда кетаётган 15, 16 ҳамда 29 ёшли 3 нафар йигитлар ҳалок бўлган. Уларнинг икки нафари мактаб ўқувчиси бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


