14 февраль куни Самарқанд вилоятида қўшни давлатдан келган икки нафар фуқаро йирик миқдордаги опий гиёҳвандлик моддасини ноқонуний олиб киришга уринган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, «Жартепа» чегара божхона постида божхона ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида аёл йўловчи махсус “Бодй сканер” қурилмаси орқали кўрикдан ўтказилган. Текширув натижасида унинг ички аъзоларида 3 та ўрам борлиги аниқланган. Шифокорлар иштирокида ўтказилган тиббий муолажалар давомида ушбу ўрамлардан жами 255 грамм опий гиёҳвандлик моддаси чиқариб олинган.
Шунингдек, аёл билан бирга бўлган турмуш ўртоғи ҳам тезкор кузатувга олиниб, Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирига олиб борилган. Тиббий кўрик вақтида унинг ички аъзоларидан 4 та ўрам чиқариб олинган бўлиб, уларда 541 грамм опий борлиги аниқланган.
Натижада жами 796 грамм опий гиёҳвандлик моддасини ноқонуний олиб киришга уринишнинг олди олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


