Самарқанд вилоятида қўй ўғирлашда гумон қилинган 64 ёшли аёл тергов жараёни давомида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Эзгулук” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Тошанов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Маълум қилинишича, аёл жорий йилнинг 25 июль куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган ва Самарқанддаги 7-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган. Диабет касаллигидан азият чекаётган бўлишига қарамай, ҳимоячиларининг тиббий экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимоси рад этилган.
Аҳоли вакилининг соғлиги ёмонлашгани сабабли у Тошкентдаги махсус тиббий муассаса — “Сангород” шифохонасига олиб борилган, бироқ қисқа муддатдан сўнг яна изоляторга қайтарилган. Бугун эса у вафот этгани маълум қилинди.
Ҳолат юзасидан ҳозирча мутасадди идоралар томонидан расмий баёнот берилмаган.


