Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида велосипедчи кетма-кет икки транспорт воситаси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 29 январь куни соат 18:20 атрофида Тойлоқ туманининг "Жумабозор" МФЙ ҳудудидан ўтувчи D-069 автомобиль йўлининг 12-километрида содир бўлган. Тойлоқ–Ургут йўналишида ҳаракатланиб келаётган велосипедчини шу йўналишда кетаётган “Isuzu” русумли юк автомобили уриб юборган.
Зарба оқибатида велосипедчи йўлга йиқилган. Шундан сўнг, “Isuzu” ортидан ҳаракатланиб келаётган “Damas” русумли автомобиль йўлда ётган фуқарони босиб кетган.
Қайд этилишича, велосипедчи ҳодиса жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


