1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Самарқандда ёлланма қотил орқали танишини ўлдирмоқчи бўлган шахслар ушланди

24 ёшли йигит Тошкентда яшовчи таниши билан келиб чиққан низо сабаб уни ўлдиришни режалаштириб, ёлланма қотил излаётгани аниқланган.

Самарқандда ёлланма қотил орқали танишини ўлдирмоқчи бўлган шахслар ушланди

 

Самарқанд вилоятида ёлланма қотиллик жиноятини содир этишнинг олди олинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида танишини ўлдиришни режалаштирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

 

Маълум қилинишича, тезкор тадбир Самарқанд вилояти ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. Тезкор маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида яшовчи таниши билан келиб чиққан низо сабаб уни ўлдиришни режалаштириб, ёлланма қотил излаётгани аниқланган.

 

Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилиб, шартли ёлланма қотил жалб қилинган. Гумонланувчи ушбу шахсга танишини ўлдириш эвазига 2200 АҚШ доллари беришни ваъда қилган.

 

27 январь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи шартли ёлланма қотилдан гриммланган жасад суратини қабул қилиб олганидан сўнг, 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини топшираётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Кейинги текширувлар жараёнида мазкур жиноятга буюртмани гумонланувчининг иш жойи — МЧЖ раҳбари, 1996 йилда туғилган шахс бергани аниқланган. У Тошкент шаҳрида яшовчи қариндошини ўлдиришни режалаштирган бўлиб, улар ўртасида аввалдан низолар ва катта миқдордаги қарз муносабатлари мавжуд бўлган. Мазкур шахс ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди.

 

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан одам ўлдириш жинояти учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо белгиланган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика