Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги хонадонда 11 қаватли меҳмонхона қурилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди.
Қурилиш вазирлиги бино ҳеч қандай ҳужжатларсиз қурилгани, хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳамда колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлигини маълум қилди.
11 қаватли 2 қават ертўлали меҳмонхонани Самарқанд тумани Жойи Сой маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Халилов ўз уйининг бир қисмини бузиб, қурдиргани айтилмоқда.
Меҳмонхона қурилишга рухсат берувчи Самарқанд тумани ҳокимининг қарори ёки туман қурилиш бўлимининг рухсатномаси ҳамда архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) мавжуд эмаслиги қайд этилган.
“ ’Триумф Проект’ МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти томонидан тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳа ҳужжатларига, бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар ҳам йўқ. Қурилиш давомида ҳудудий инспекция ходимлари томонидан бир неча бор қурилишни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да, фуқаро Ф.Халилов томонидан иш ўзбошимчалик билан давом эттирилган”, - дейилади вазирлик хабарида.
Хусусан, бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖнинг хулосасига асосан бинонинг КМК, ШНК талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлиги ўз тасдиғини топган ҳамда бинони бузиш бўйича хулоса берилган.


