МИБ Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида бўлган ижро хужжатига кўра, қарздор отадан уч нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти алимент ундириш кўрсатилган. Мазкур иш муддатидан олдин тугатилди, деб хабар бермоқда МИБ шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ўлмасжон Тўрақулов.
Маълум қилинишича, алимент тўловчи ота давлат ижрочисининг тушунтиришларидан хулоса чиқариб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун алимент пулини олдиндан тўлаб бериш имконияти борлигини билдирган.
Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан уч нафар вояга етмаган фарзандларнинг 18 ёшгача бўлган алимент миқдори ҳисоблаб берилган ва қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда 106 миллион 425 минг сўм алимент пулини тўлаган.
Ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг, Бюронинг шаҳар бўлими томонидан ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилиб, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинган.


