Саудия Арабистони АҚШ томонидан Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий амалиётларда ўз ҳарбий базалари ёки ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Fox News телеканали манбаларига таяниб хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, АҚШ Саудия Арабистони билан маслаҳатлашувлар ўтказган бўлсада, Эронга нисбатан аниқ режаларини Форс кўрфазидаги иттифоқчиси билан баҳам кўрмаган. Юқори лавозимли амалдорларнинг таъкидлашича, минтақадаги иттифоқчилар Вашингтоннинг аниқ позицияси борасида етарли тушунчага эга эмас.
Шу фонъда Саудия томони АҚШни очиқ тарзда огоҳлантириб, Эронга зарба бериш учун Саудия ҳаво ҳудуди ёки ҳарбий объектларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигини билдирган. Риёд минтақада кескинликнинг янада кучайишидан манфаатдор эмаслигини яширмаяпти.
Кузатувчиларга кўра, бу позиция Яқин Шарқда хавфсизлик мувозанатини сақлаш ва Эрон билан бевосита қарама-қаршиликка тортилмаслик истаги билан изоҳланмоқда. АҚШ ва Эрон ўртасидаги таранглик кучайиб борар экан, Саудия Арабистонининг ушбу баёноти минтақавий дипломатияда муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда.


