Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллигида саудиялик тадбиркор Бассам ал-Саади билан музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё». Учрашувда Ўзбекистон сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бассам ал-Саади мамлакат Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистондаги бизнесини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганини билдирди.
«Биз ҳамкорларимиз билан Фарғона шаҳрида туристик дам олиш масканини барпо этиш лойиҳаси учун 3 миллион доллар миқдоридаги маблағни киритишни режалаштиряпмиз. Ушбу дам олиш маскани лойиҳасида 5 та катта вилла, 9 дона ўрта ва 15 та кичик виллалар ҳамда савдо маркази ва болалар ўйингоҳи қурилиши назарда тутилмоқда», — деди у.
Учрашув якунида саудиялик тадбиркор билан мамлакатдаги бошқа лойиҳаларга ҳам инвестиция киритиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишиб олинди.


