1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Сайлов жараёнлари қандай ташкил этилади?

Унда кузатувчилар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга?

Сайлов жараёнлари қандай ташкил этилади?

 

Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз позициясини билдиришнинг муҳим воситаси. Айнан, сайловлар орқали фуқароларнинг олиб борилаётган сиёсий жараёнларга муносабати билдирилади. Сайловларда фуқаролар ўзининг хоҳиш-иродасини, сиёсий онги ва фуқаролик позициясини ифода этади.

 

Сўнгги йиллардаги очиқлик, инсон қадри учун тамойилига асосланган ислоҳотлар сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган турли даражадаги сайловлар халқимиз онги ва кайфиятида ижобий ўзгаришлар ясади, бу муҳим сиёсий жараёнга аҳолимизнинг муносабати ўзгарганлигини жорий йил бўлиб ўткан референдум якунлари бўйича эълон қилинган натижа ҳам исботлаб турибди.

 

Хусусан, Референдумда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган 19 миллион 722 минг 809 фуқародан, 16 миллион 667 минг 97 фуқаро овоз бериш бюллетенларини олди ва овоз берди. Бу референдумда овоз берувчилар умумий сонининг 84,51 фоизини ташкил қилади. Фуқароларнинг эртанги кунга ишончи ҳамда она Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан сайлов жараёнларида иштирок этиши – халқимизнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги ортганидан далолат беради.

 

Сўнгги йилларда сайлов қонунчилиги мутассил равишда такомиллаштирилиб, 2019 йил 25 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда демократик тамойилларга ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинди.

 

Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Улар тизимлаштириб 18 та боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси қабул қилинди.

 

Мазкур ҳужжатда сайлов жараёнининг асосий иштирокчилари бўлган сайлов комиссиялари тизими, кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил қайд этилганлигини таъкидлаш лозим.

 

Президент сайловининг муҳим жиҳати шундаки, унинг натижасида давлат раҳбари сайланибгина қолмай балки, жамият аъзоларининг хоҳиш-истаклари, давлат сиёсатига реал муносабати аниқланади. Мазкур жараёнда конституциявий асосда ўрнатилган ва тараққиётнинг муҳим омилларидан ҳисобланган фикрлар хилма-хиллиги ҳам яққол намоён бўлади.

 

Сайлов жараёнларини ташкил этишда ҳар бир жараён, ҳар бир иштирокчи, ҳар бир масала муҳим ва юксак масъулият талаб этади. Ушбу масъулиятли вазифаларни сайлов комиссиялари амалга оширади. Сайлов комиссияси - сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни ташкил этадиган ва таъминлайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Сайлов комиссиялари тизимига Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари ҳамда участка сайлов комиссиялари киради.

 

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси доимий ва жамоатчилик асосида ишловчи аъзолар билан биргаликда жами 21 нафардан иборат. Улардан 15 нафари (71%) эркак , 6 нафари (29%) аёл кишини ташкил қилади. 

 

Хусусан, Сайлов кодексида сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши алоҳида қайд этилган. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши унинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш йўлида киритилган нормалардан бири ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссиясини тузиш, Марказий сайлов комиссиясига аъзолик, унинг ваколатлари, Раислик, мажлислари ва қарорлари, Котибияти, Регламенти каби масалалар ҳам Сайлов кодексида ўзининг батафсил ифодасини топган.

 

Сайлов жараёнининг ажралмас ва муҳим иштирокчиларидан яна бири бу кузатувчилардир. Улар орқали шаффофлик, ошкарилик таъминланади, қонунийлик назоратга олинади.

 

Ўзбекистондаги сайловда иштирок этувчи хорижий ва халқаро кузатувчилар сонига назар ташлайдиган бўлсак, 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида чет эллик 296 нафар кузатувчи қатнашган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилги Президент сайловида 555 нафарни ташкил этган. 2014 йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бўлиб ўтган сайловда 331 нафар хорижий кузатувчи қатнашган бўлса, 2019 йилги парламент сайловида улар сони 825 нафарни ташкил қилган.

 

Жорий йил бўлиб ўтган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 383 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди. Бу эса мамлакатимиздаги сайловлар халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилаётгани сиёсий жараён демократик шарт-шароитлар асосида ўтаётганидан далолат беради.

 

БМТнинг 2005 йил 27 октябрда эълон қилинган Сайловларни халқаро кузатиш принциплари тўғрисидаги декларацияси ва унга илова қилинган Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг ахлоқ кодекси қоидалари асосида халқаро ташкилотлар томонидан турли қоидалар ишлаб чиқилган. Улар фаолияти ушбу ҳужжатлар ва давлатларнинг миллий сайлов қонунчилиги билан боғлиқ норматив ҳужжатларга асосланади.

 

Ўз навбатида, халқаро кузатувчилар узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчиларга бўлинади. Узоқ муддатли кузатувчилар сайлов кунидан 6-8 ҳафта олдин, қисқа муддатли кузатувчилар сайловдан 3-5 кун олдин ташриф буюради.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддасида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, халқаро ташкилотлардан, хорижий давлатлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган.

 

Сайлов кодексига биноан, кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

 

Бунда сайлов кампанияси бошлангани эълон қилингандан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади. Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига биноан ҳам сайловга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиши мумкин. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат йўллашга ҳақли.

 

Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим. Халқаро кузатувчилар маҳаллий кузатувчилар сингари сайлов қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади. Жумладан, халқаро кузатувчилар Марказий сайлов комиссияси, сайлов округлари ҳамда участка сайлов комиссияларида бўлиб ўтадиган мажлисларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, жойларда номзодлар кўрсатиш билан боғлиқ йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш ҳуқуқи қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Кузатувчилар сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишларининг бориши, яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилиши ва сайлов қутилари муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олиниши ҳамда уларга сайлов бюллетенлари берилишини кузатиши мумкин. Бироқ кузатувчилардан ушбу жараёнларга аралашмаслиги талаб этилади.

 

Бундан ташқари, сайлов қонунчилиги кузатувчиларнинг овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда иштирок этишига, сайлов натижалари тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланганидан сўнг эса ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олишига ҳам рухсат беради.

 

Агар тегишли сайлов участкасида ушбу сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, кузатувчилар бу ҳақда сайлов комиссиясига маълум қилиши мумкин. Халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг юқоридаги ҳуқуқлардан фойдаланиши учун Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган мандат ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши етарли ҳисобланади.

 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, сайлов нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг элементи, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси кўрсаткичи саналади. Шу сабабли, сайловларни тўғри ташкил этиш, жараёнларда очиқлик, шаффофлик ва қонунийликнинг таъминлашда – кузатувчилар ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш – долзарб аҳамият касб этади. 

 

Анваржон Миркомилов

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика