Нармин Рахимова, ''Еxportiamo.it'' вакили (Италия):
—Ўзбекистонга иккинчи бор келишим. Бу гал ҳам кўрганларим, фикр ва хулосаларим, таассуротларим ўзгача. Бугун сайлов участкаларида бўлганимизда мамлакатингизда сайловга пухта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Менда, айниқса, сайловчиларнинг фаоллиги, ушбу муҳим сиёсий жараёнга бефарқ эмасликлари ҳавас уйғотди.
Хорижий ОАВларнинг эркин ва фаол фаолият олиб боришлари учун ҳам барча имконият яратилган. Ўзбекистонда шарқона меҳмондўстликнинг энг юксак намунасини кўриш мумкин. Буни аэропортданоқ сезиш ва ҳис қилиш мумкин. Қадимий шаҳарларни кўриш учун ташкил қилинган пресс-тур ҳар қандай кишини ҳайратга солмасдан қўймайди. Ўзбекистон бой маданий меросга эга саноқли мамлакатлардан бири саналади. Бухоро ва Самарқанд бизни ўзининг афсонавий осори атиқалари, меъморий иншоотлари билан ҳайратга солди. Энди қадимий Хивани кўришни интиқлик билан кутяпман. Сайловдан бир кун олдин ташкил этилган "Олтин куз наволари" маданий дастури ҳам менда катта таассурот қолдирди.
Мамлакатингизда сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳада ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг самарасини бераётганини яққол кузатиш ва кўриш мумкин. Ўзбекистон, инчинун, улкан туристик салоҳиятга эга мамлакат саналади. Буни Ўзбекистонни халқаро туризмга тобора очилаётганидан ҳам билса бўлади. Юртингиздаги улкан туристик салоҳият европаликлар, хусусан, италияликларни ҳам ўзига тортиши, шубҳасиз.
Баҳринисо Мадумарова


