Ялпи мажлисда кўриб чиқилиши режалаштирилган қонунларнинг айримлари сенаторлар томонидан маъқулланиб, баъзилари рад этилмоқда. Унга кўра, “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
“Қонун ҳақиқатдан ҳам мамлакатимиз ривожининг бугунги босқичида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Кўзланган мақсадларга эришишда ички имкониятлар билан бир қаторда ташқаридан ҳам молиявий ресурсларни жалб қилиш бутун дунё давлатларида кенг тарқалган тажриба ҳисобланади. Юқорида Президентимизнинг сўзлари келтирилди – “ташқи қарз ҳаммага ҳам берилавермайди, бунинг учун мамлакатнинг ташқи дунёдаги нуфузи ва унга нисбатан ишонч бўлиши керак”.
Ўзбекистон халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ислоҳотларга интилувчи давлат, ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда. Бироқ, шундай бўлсада, ҳар соҳада аниқ ҳисоб-китоб ва табиийки мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши керак. Шу маънода, “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун ушбу йўналишдаги ишларимизнинг тўғри, ҳаққоний, манфаатли ва албатта очиқ, шаффоф бўлишига хизмат қилади. Қонунда давлат қарзини бошқариш бўйича парламент ваколатлари ҳам белгиланяпти.
Қонун қабул қилинганидан кейин унинг ижроси билан боғлиқ тадбирларни мониторинг қилиб боришишимиз керак”, – дейди Сенат раиси.
Хусусан, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунлар рад этилди.


