Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан Сергели туманида қурилаётган 54-умумтаълим мактаб биносида назорат тадбири ўтказилди. Тадбир давомида қурилиш жараёнида бир қатор жиддий қоидабузарликлар аниқланган.
Аниқланишича, мактаб биносининг иккинчи қаватида ўрнатилган бетон плиталарнинг айримлари яроқсиз бўлиб чиққан. Шунингдек, юк кўтарувчи ригеллардан бири ҳам қурилиш меъёрларига мос келмай, паст сифатда бажарилгани маълум бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича қурилиш ишлари дарҳол тўхтатилган. Сифатсиз бажарилган ишлар буздирилиб, яроқсиз плиталар объектдан чиқариб ташланган. Плиталарни ишлаб чиқарган корхонага нисбатан қонуний чоралар кўрилган.
Қурилишни амалга ошираётган пудратчи ташкилотга қоидабузарликларни тўлиқ бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма берилди. Ҳозирда объектдаги ишлар вақтинча тўхтатилган.


