Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва World Aquatics Бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева тенглик, инклюзия ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг параспортдаги иштирокини тарғиб қилишдаги хизматлари учун Осиё Паралимпия қўмитасининг Осиё ордени билан тақдирланди.
Айнан унинг ташаббуси билан Ўзбекистонда Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилган бўлиб, спорт орқали реабилитация жараёни ривожланмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган аёллар ва қизларнинг адаптив спортдаги иштирокини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Шаҳноза Мирзиёева Осиё миқёсида ҳам параспортни ривожлантириш, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва инклюзив спорт дастурларини қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуслари туфайли минтақада адаптив спорт инфратузилмаси ривожланиб, кўплаб ёш спортчилар учун янги имкониятлар яратилмоқда.


